DataLife Engine / “ЯШИЛ МАКОН - НУРЛИ ОШИЁН!”

“ЯШИЛ МАКОН - НУРЛИ ОШИЁН!”

  Давлатимиз раҳбари томонидан мамлакатимизда атроф муҳит ва инсонлар саломатлигини кафолатли ҳимоя қилиш борасида олиб борилаётган сиёсатнинг гувоҳимиз. Кўз ўнгимизда ўзининг катталиги жиҳатидан дунёда тўртинчи ўринда турган Орол денгизининг қуриб қолганлиги оқибатида унинг ўрнида Оролқум саҳроси пайдо бўлди. Бу эса ушбу ҳудуддан ҳар йили қарийб 100 миллион тонна қум-чанг ва заҳарли тузлар атмосферага тарқалаётгани, бу ҳолат нафақат минтақамиз балки Антарктида соҳилларига, Грелландия музликларига, Норвегия ўрмонларига ва ер куррасининг бошқа ҳудудларигача тарқалаётган эди. Орол денгизи минтақасидаги экологик салбий оқибатларни юмшатиш масаласида Юртбошимиз Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеяси 72-сессиясида Орол денгизининг ҳалокат ёқасидаги харитасини кўтариб чиқиб Орол муаммоси нафақат Ўзбекистоннинг балки бутун дунё мамлакатларининг биргаликдаги иши эканини яна бир бор эслатди. Орадан сал вақт ўтмасдан Орол бўйи минтақаси учун Инсон хавфсизлигини ва маҳаллий ахоли турмуш шароитини яхшилаш мақсадида Траст фонди ташкил қилиниб мамлакатимиз ва кўплаб давлатларнинг табиат фидоийлари бир тану бир жон бўлиб Орол денгизи ҳавзасидаги экологик салбий оқибатларни юмшатишга киришдилар. Табиатнинг яна бир катта синови жорий йилнинг 17 октябр куни Тошкент шаҳрида ҳавода чанг-тўзон кутарилиши оқибатида ҳавонинг ифлослиги даражаси дунё рейтингида биринчи ўринга чиққани бўлди. Атмосфера ҳавосининг ифлосланиши инсон, ўсимлик, ҳайвонот, умуман, жамики тирик мавжудотларга зарарли таъсир кўрсатади. Атмосфера ҳавосини ифлослантирувчи асосий табиий манба бу шамол эрозияси ҳисобланади. Ер юзига атмосферадан йилига ўртача 4,6-8,3 млрд. тонна чанг зарралари тарқалади. Бу чангларнинг асосий ҳосил бўлиш жойлари ёғингарчилик кам бўладиган ҳудудлардаги чўл ва саҳролар ҳисобланади. Ўзбекистонда атмосферага чанг-тўзон чиқарувчи табиий манба бу Оролнинг қуриган туби, Қорақум ва Қизилқум саҳроларидир. Автотраспорт воситаларидан атмосфера ҳавосига чиқадиган турли хил газларни камайтириш мақсадида ёқилғилар сифатини янада яхшилаш, экологик тоза транспорт воситаларини, электромобилларни кўпайтириш, шу жумладан кенг жамоатчилик учун қулай бўлган велойўлакчалар ташкил этилиши лозим.Ўтган йилги тажрибадан келиб чиқиб туманимиз ҳудудида кўчат экиш режасини сифатли қилиб белгиланган муддатда бажариш учун ишчи гуруҳи тузилди. Боғот тумани ҳокимлиги, Ўзбекистон Экологик партияси Боғот туман Кенгаши ва соҳага маъсул ташкилотлар вакиллари иштирокида янгидан кўчат экиладиган ерлар ўрганиб чиқилди. Туман жанубидаги табиий ҳудудларда мавжуд чўл ўсимликлари жумладан саксовул, юлғун, черкез, қандим, чақш ва бошқа буталар ҳамда сувни муҳофаза қилиш зоналаридаги мевали ва манзарали дарахтларни муҳофаза қилиш ва парваришлаш учун маъсуллар бириктирилди. Аҳоли хонадонлари ва дала четларига кўпроқ мевали ва манзарали дарахт кўчатлари экишни ташкил қилиш бўйича ҳудудлардан Халқ депутатлари вилоят ва туман Кенгашига сайланган депутатлар, маҳалла раислари, фермер хўжаликлари раҳбарлари ва соҳага алоқадор ташкилотлар вакилларига вазифалар белгилаб берилди. Она табиатимиз мусаффолигини таъминлаш учун шаҳарларни, теварак-атрофни кўкаламзор қилиш: боғу- роғлар, гулзорлар, маданият ва истироҳат боғлари, ҳиёбонлар, дарахтзорлар, ўрмонлар барпо қилиш, корхоналар ва шунга ўхшаш жойлар атрофини кўкаламзорлаштиришимиз лозим. Ана шу улуғ мақсадлар йўлида кенг жамоатчилигимизни, ёшларимизни “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида 20 октябрдан бошланадиган долзарб 40 кунликда фаол иштирок этиб дарахт ва буталарни экишда ўз ҳиссаларини қўшишга чақириб қоламиз. Улуғбек Ибраҳимов Ўзбекистон Экологик партияси Боғот туман Кенгаши раиси, Халқ депутатлари Боғот туман Кенгаши депутати
19-10-2022, 10:50
Вернуться назад